2020 йил ҳосилидан бошлаб тўрт вилоятда ингичка толали ғўза навларини жойлаштириш ва етиштириш кенг йўлга қўйилади

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида ”Ингичка толали ғўза навлари селекцияси ва уруғчилиги” лабораторияси ташкил этилади ва унинг фаолияти йўлга қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ингичка толали пахта етиштиришни самарали ташкил қилиш, янги навларни кўпайтириш ва рағбатлантириш механизмини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги, Иқтисодиёт ва саноат, Молия вазирликлари ва ”Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида ингичка толали ғўза навларини жойлаштириш ва етиштиришни кенг йўлга қўйиш; ингичка толали ғўзанинг ”истиқболли нав” сифатида экиб келинаётган навларини уларнинг ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш;

Сурхондарё вилоятида 40 минг гектар майдонда ингичка толали ғўза навларини илмий асосланган ҳолда жойлаштириш;

Қашқадарё вилоятида 6 500 гектар, Бухоро вилоятида 5 000 гектар, Навоий вилоятида 1 000 гектар майдонга ингичка толали ғўза навларини жойлаштириш ва кенг ишлаб чиқариш синовини олиб бориш, ижобий натижалар олинган тақдирда етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлаш учун замонавий технологиялар билан жиҳозланган қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қарорда белгиланишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида ”Ингичка толали ғўза навлари селекцияси ва уруғчилиги” лабораториясини ташкил этади ва унинг фаолиятини йўлга қўяди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бир ой муддатда ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияларини ва ингичка толали пахта хомашёсини тозалаш ускуналарини такомиллаштириш бўйича давлат илмий дастурлари грант танловларини ўтказади ва танлов ғолиби бўлган илмий лойиҳаларнинг 2020 йилдан бошлаб молиялаштирилишини таъминлайди.

 

Манба: kun.uz